1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ушбу ҳужжат «Greatsoft - Software Development Company» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда — «Ижрочи») томонидан legon.uz веб-сайти, унинг мобил версияси, Telegram боти ва Mini App иловаси (бундан буён матнда биргаликда — «Платформа») орқали хизматлардан фойдаланувчи жисмоний шахсларга қаратилган оммавий оферта ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 369-моддаси).
1.2. Фойдаланувчи ушбу Офертада назарда тутилган ҳаракатлардан бирини амалга оширган пайтдан эътиборан Офертани акцепт қилган ҳисобланади ва Ижрочи билан шартнома тузилган деб топилади (Фуқаролик кодексининг 370-моддаси). Акцепт ҳаракатлари қуйидагилардир:
а) Платформада рўйхатдан ўтиш ва «Оммавий оферта ва Махфийлик сиёсати шартлари билан танишдим ва уларга розиман» белгисини қўйиш;
б) Платформадаги ҳар қандай пуллик хизмат ёки маҳсулот учун тўловни амалга ошириш;
в) рўйхатдан ўтмасдан туриб бепул хизматлардан фойдаланиш — фақат ушбу Офертанинг бепул хизматларга тааллуқли қоидалари қисмида.
1.3. Ушбу Оферта асосида тузилган шартнома электрон алоқа воситалари орқали тузилган ёзма шартнома ҳисобланади (Фуқаролик кодексининг 366-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлари) ва Фойдаланувчидан алоҳида имзоланган қоғоз нусхани талаб қилмайди.
1.4. Оферта ҳамма Фойдаланувчилар учун бир хил шартларда тақдим этилади. Ижрочи айрим Фойдаланувчиларга алоҳида шартлар белгиламайди, Платформада барча учун эълон қилинган акциялар, чегирмалар ва имтиёзлар бундан мустасно.
1.5. Офертанинг ажралмас қисмлари: Махфийлик сиёсати (legon.uz/uz/privacy), Платформада эълон қилинган тарифлар ва нархлар, ҳар бир хизмат саҳифасида кўрсатилган шартлар. Ушбу ҳужжатлар ўртасида зиддият бўлса, ушбу Оферта қоидалари қўлланилади.
1.6. Агар Фойдаланувчи Оферта шартларига тўлиқ ёки қисман рози бўлмаса, у Платформанинг пуллик хизматларидан фойдаланмаслиги керак.
1.7. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар Платформадан ушбу Оферта шартлари асосида фойдаланади.
2. АТАМАЛАР
Платформа — legon.uz домени, унинг поддоменлари, мобил версияси, Telegram боти ва Mini App иловаси орқали ишлайдиган ахборот тизими.
Фойдаланувчи — Платформада рўйхатдан ўтган ёки унинг хизматларидан фойдаланаётган 18 ёшга тўлган муомалага лаёқатли жисмоний шахс.
Адвокат — Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган, Платформада рўйхатдан ўтган ва Ижрочи томонидан профили тасдиқланган шахс.
Профил (аккаунт) — Фойдаланувчининг Платформадаги шахсий саҳифаси.
Ҳужжат шаблони — Адвокат ёки Ижрочи томонидан тайёрланган, Фойдаланувчи томонидан маълумот киритилиб, Платформа орқали автоматик тарзда тўлдириладиган ҳужжат (ариза, даъво аризаси, эътирознома, илтимоснома, талабнома, шартнома, буйруқ ва бошқалар) намунаси.
Тайёр ҳужжат — Фойдаланувчи киритган маълумотлар асосида Ҳужжат шаблонидан яратилган электрон файл.
Тариф — Платформада эълон қилинган, муайян муддат ва ҳажмда хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи пакет.
Савол хизмати — Фойдаланувчи ёзма шаклда юборган саволга Адвокат томонидан танланган тарифда белгиланган муддатда ёзма жавоб берилиши.
Онлайн консультация — Фойдаланувчи ва Адвокат ўртасида Платформа орқали бронь қилинган вақтда ёзишма, овозли ёки видео алоқа орқали ўтказиладиган маслаҳат.
Рақамли маҳсулот — Тайёр ҳужжат, видео курс, пуллик мақола ва Платформада электрон шаклда тақдим этиладиган бошқа контент («Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасидаги «рақамли маҳсулотлар» тушунчасига мувофиқ).
Промо-код — Ижрочи ёки Адвокат томонидан берилган, хизмат нархига чегирма берувчи электрон код.
Баланс — Фойдаланувчи профилидаги, Платформа хизматлари учун ишлатиладиган маблағ ҳисоби. Баланс тўлов тизимлари ёки Telegram Stars орқали тўлдирилади, шунингдек 7.4-бандда назарда тутилган ҳолда пул балансга қайтарилади.
3. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ
3.1. Ижрочи Фойдаланувчига Платформадан фойдаланиш имкониятини беради, Фойдаланувчи эса танланган пуллик хизматлар ҳақини тўлайди.
3.2. Платформа орқали қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
а) Ижрочининг ўз хизматлари: Ҳужжат шаблонларидан фойдаланиш ва Тайёр ҳужжат яратиш, тарифлар, видео курслар, пуллик мақолалар, сунъий интеллект ёрдамида ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, шунингдек 5.8-бандда кўрсатилган бепул хизматлар;
б) Адвокатларга боғлаш хизмати: Савол хизмати ва Онлайн консультация. Бу хизматлар доирасида ҳуқуқий маслаҳатни Ижрочи эмас, балки Адвокат беради; Ижрочи Фойдаланувчи ва Адвокат ўртасида алоқа ўрнатиш, бронь қилиш ва тўловни қабул қилиш учун техник воситани тақдим этади.
3.3. Ижрочи адвокатлик тузилмаси ҳисобланмайди ва ўз номидан юридик ёрдам кўрсатмайди. Адвокатлик фаолияти «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ фақат Адвокат томонидан амалга оширилади.
3.4. Ҳужжат шаблонлари, калькуляторлар, мақолалар ва курслар умумий маълумот бериш хусусиятига эга ва Фойдаланувчининг муайян иши бўйича ҳуқуқий маслаҳат ҳисобланмайди.
4. РЎЙХАТДАН ЎТИШ ВА ПРОФИЛ
4.1. Пуллик хизматлардан фойдаланиш учун Фойдаланувчи телефон рақами ёки Telegram орқали рўйхатдан ўтади ва тасдиқлаш кодини киритади.
4.2. Фойдаланувчи рўйхатдан ўтишда ва Ҳужжат шаблонларини тўлдиришда тўғри ва долзарб маълумотларни кўрсатиши шарт. Нотўғри маълумот киритилиши оқибатлари учун Фойдаланувчи жавоб беради.
4.3. Платформадан фақат 18 ёшга тўлган шахслар фойдаланиши мумкин. 18 ёшга тўлмаган шахс номидан ҳужжат тайёрлаш зарур бўлса, уни қонуний вакил амалга оширади.
4.4. Фойдаланувчи профилга кириш маълумотларини (тасдиқлаш коди, Telegram ҳисобига кириш) учинчи шахсларга бермаслиги шарт. Профил орқали амалга оширилган ҳаракатлар Фойдаланувчи томонидан амалга оширилган ҳисобланади, Ижрочининг айби билан рўй берган ҳолатлар бундан мустасно.
4.5. Профилга рухсатсиз кирилганини аниқлаган Фойдаланувчи бу ҳақда дарҳол legon.murojaat@gmail.com манзилига ёки Telegram: @legon_murojaat орқали хабар беради.
4.6. Фойдаланувчи истаган вақтда профилини ўчиришни сўраши мумкин. Профил ўчирилганда фойдаланилмаган тариф қолдиғи ва баланс 7-бўлимда белгиланган тартибда қайтарилади.
5. ХИЗМАТЛАР ВА УЛАРНИ КЎРСАТИШ ШАРТЛАРИ
5.1. Ҳужжат шаблонлари
5.1.1. Ҳар бир Ҳужжат шаблони саҳифасида унинг номи, муаллифи, нархи, қисқача мазмуни ва (мавжуд бўлса) тушунтирувчи видео кўрсатилади. Фойдаланувчи тўловдан олдин шу маълумот билан танишиб чиқади.
5.1.2. Тўловдан кейин Фойдаланувчи шаблон майдонларини тўлдиради ва Платформа Тайёр ҳужжатни Word форматида яратади. Тайёр ҳужжат Фойдаланувчининг «Менинг буюртмаларим» бўлимида сақланади ва уни истаган вақтда қайта юклаб олиш мумкин.
5.1.3. Тайёр ҳужжатнинг мазмуни Фойдаланувчи киритган маълумотларга боғлиқ. Фойдаланувчи ҳужжатни суд, давлат органи, банк ёки бошқа шахсга топширишдан олдин ундаги маълумотларни, муддатларни ва ўз ҳолатига мослигини текшириши шарт.
5.1.4. Ҳужжатни қаерга ва қандай топшириш, мажбурий тўловлар (давлат божи, почта харажатлари ва бошқалар) Фойдаланувчи зиммасида бўлади ва шаблон нархига кирмайди.
5.1.5. Ҳужжат шаблони муайян натижага (суд қарори, жарима бекор қилиниши, банк розилиги ва ҳ.к.) эришишни кафолатламайди.
5.2. Тарифлар
5.2.1. Тарифлар, уларнинг нархи, ҳужжатлар сони ва амал қилиш муддати legon.uz/uz/pricing саҳифасида эълон қилинади. Тариф тўлов амалга оширилган пайтдан фаоллашади.
5.2.2. Тариф муддати тугагач, ундан фойдаланилмаган ҳужжатлар кейинги даврга ўтказилмайди. «Битта ҳужжат» тарифи муддатсиз амал қилади. Тариф муддати тугагунга қадар бошқа тарифга алмаштирилса, фойдаланилмаган қолдиқ янги тарифга қўшилади.
5.2.3. Тариф автоматик равишда узайтирилмайди. Фойдаланувчи янги даврга тўловни ўзи амалга оширади.
5.2.4. Битта ҳужжат сотиб олинганда тариф нархи ва шаблон саҳифасида кўрсатилган нархдан қайси бири қўлланилиши тўлов саҳифасида аниқ кўрсатилади.
5.3. Савол хизмати
5.3.1. Фойдаланувчи ҳуқуқ соҳасини танлайди, саволини 4000 белгигача ёзма шаклда баён қилади ва жавоб муддатини танлайди: «Тезкор» — 12 соат, «Стандарт» — 24 соат, «Оддий» — 3 кун. Нархлар legon.uz/uz/pricing саҳифасида ва тўлов саҳифасида кўрсатилади.
5.3.2. Савол матни ва Фойдаланувчининг исми Платформада тасдиқланган барча Адвокатларга кўринади. Фойдаланувчи савол юбориш орқали бунга розилик беради. Фойдаланувчи савол матнида ўзининг ёки учинчи шахсларнинг паспорт маълумотлари, ЖШШИР, банк карта рақами каби маълумотларни ёзмаслиги тавсия этилади.
5.3.3. Жавоб муддати тўлов тасдиқланган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Белгиланган муддатда жавоб берилмаса, Фойдаланувчи тўланган суммани қайтариб олиш ёки саволни қайта жойлаштиришни танлаш ҳуқуқига эга.
5.3.4. Жавоб Фойдаланувчи баён қилган маълумотлар асосида берилган умумий ҳуқуқий маслаҳат ҳисобланади. Ҳужжатларни ўрганишни талаб қиладиган масалалар бўйича Адвокат Онлайн консультация ёки алоҳида шартнома тузишни таклиф қилиши мумкин.
5.3.5. Жавоб саволга алоқаси йўқ ёки шаблон тарзида берилган деб ҳисобласа, Фойдаланувчи жавоб олинган кундан бошлаб 10 кун ичида шикоят юбориши мумкин. Шикоят асосли топилса, савол қайта жойлаштирилади ёки пул қайтарилади.
5.3.6. «Оддий» тарифдаги савол бепул жойлаштирилади. Бу тарифда жавоб берилиши кафолатланмайди ва 5.3.3, 5.3.5-бандлар қўлланилмайди. 3 кун ичида жавоб берилмаса, савол ёпилади ёки Фойдаланувчи уни пуллик тарифга ўтказиши мумкин.
5.4. Онлайн консультация
5.4.1. Фойдаланувчи Адвокат профилини танлайди, Адвокат белгилаган бўш вақтлардан бирини бронь қилади ва консультация ҳақини тўлайди. Адвокат бронни тасдиқлагач, Фойдаланувчига уланиш ҳаволаси юборилади.
5.4.2. Адвокат бронни 48 соат ичида тасдиқламаса ёки рад этса, тўланган сумма тўлиқ қайтарилади.
5.4.3. Консультация давомийлиги, нархи ва ўтказиш шакли (ёзишма, овозли, видео) Адвокат профилида кўрсатилади. Ҳуқуқий маслаҳат Адвокат томонидан берилади ва унинг мазмуни учун Адвокат жавоб беради.
5.4.4. Фойдаланувчи консультация вақтини бошланишидан камида 24 соат олдин бепул кўчириши мумкин. Консультацияни бекор қилиш оқибатлари 7-бўлимда белгиланган. Адвокат розилиги билан консультация вақти 24 соатдан кам вақт қолганда ҳам кўчирилиши мумкин.
5.4.5. Фойдаланувчи белгиланган вақтдан бошлаб 15 дақиқа ичида уланмаса, консультация ўтказилган ҳисобланади. Адвокат уланмаса, консультация Фойдаланувчи танловига кўра бошқа вақтга кўчирилади ёки пул тўлиқ қайтарилади.
5.4.6. Консультация доирасида ҳужжат тайёрлаш, судда вакиллик қилиш ва шу каби хизматлар Фойдаланувчи ва Адвокат ўртасида алоҳида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади ва ушбу Оферта предметига кирмайди.
5.5. Видео курслар ва пуллик мақолалар
5.5.1. Курсга кириш муддати курс саҳифасида кўрсатилади; муддат кўрсатилмаган бўлса, кириш муддатсиз ҳисобланади.
5.5.2. Курс ва мақола материалларидан фақат шахсий мақсадда фойдаланиш мумкин. Уларни ёзиб олиш, тарқатиш, бошқа шахсга профилга кириш ҳуқуқини бериш тақиқланади.
5.5.3. Курс ва мақолаларда баён қилинган маълумотлар нашр қилинган санадаги қонунчиликка асосланади. Адвокат материалларни янгилаб боради, лекин Фойдаланувчи амалий ҳаракатдан олдин амалдаги қонунчиликни текшириши тавсия этилади.
5.6. Промо-кодлар
5.6.1. Промо-код тўлов саҳифасида киритилади ва унда кўрсатилган хизматга, муддатда ва шартларда қўлланилади.
5.6.2. Промо-код нақд пулга алмаштирилмайди ва бошқа промо-код билан қўшилмайди, агар унинг шартларида бошқача белгиланмаган бўлса.
5.6.3. Промо-код билан тўланган хизмат учун пул қайтарилганда, Фойдаланувчи ҳақиқатда тўлаган сумма қайтарилади.
5.7. Сунъий интеллект ёрдамида ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш
5.7.1. Фойдаланувчи юклаган ҳужжат (жарима қарори, суд чақируви, шартнома ва ҳ.к.) асосида сунъий интеллект ҳужжат лойиҳасини тайёрлайди. Лойиҳа автоматик тарзда яратилади ва Адвокат томонидан текширилмайди.
5.7.2. Лойиҳада хато ёки эскирган норма бўлиши мумкин. Фойдаланувчи лойиҳадан фойдаланишдан олдин уни Адвокатга кўрсатиши тавсия этилади.
5.7.3. Юкланган ҳужжатлар фақат лойиҳа тайёрлаш учун ишлатилади, Махфийлик сиёсатига мувофиқ сақланади ва унинг 10-бўлимида белгиланган шартларда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига узатилиши мумкин.
5.8. Бепул хизматлар
5.8.1. Юридик калькуляторлар, бепул мақолалар ва бепул курс дарслари тахминий ҳисоб ва умумий маълумот беради. Калькулятор натижаси расмий ҳисоб ҳисобланмайди.
6. НАРХЛАР ВА ТЎЛОВ ТАРТИБИ
6.1. Хизматлар нархи Платформада Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида (сўмда) кўрсатилади. Ижрочи қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланмайди.
6.2. Тўлов Click, Payme, Uzcard, Humo ва Платформага уланган бошқа тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Telegram Mini App орқали тўлов Telegram Stars орқали қабул қилиниши мумкин. Telegram Stars орқали тўланган маблағ фақат Балансга қайтарилиши тўлов саҳифасида олдиндан кўрсатилади.
6.3. Тўлов тўлов тизимидан тасдиқ келган пайтдан бошлаб амалга оширилган ҳисобланади.
6.4. Ижрочи нархларни ўзгартириш ҳуқуқига эга. Янги нарх эълон қилинган пайтдан кейин амалга оширилган тўловларга қўлланилади ва аввал тўланган хизматларга таъсир қилмайди.
6.5. Тўлов тизими томонидан ушланадиган комиссия Фойдаланувчидан ундирилмайди.
6.6. Савол хизмати учун тўланган маблағ Адвокатга жавоб олинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач, Онлайн консультация учун тўланган маблағ эса консультация ўтказилган кундан бошлаб 3 кун ўтгач ўтказилади. Шу муддатда шикоят берилса, маблағ шикоят кўриб чиқилгунга қадар ўтказилмайди.
7. ПУЛНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ
7.1. Фойдаланувчи тўлаган хизматдан (Ҳужжат шаблони, тариф, видео курс, пуллик мақола, Савол хизмати, Онлайн консультация) фойдаланмаса, тўланган маблағ автоматик равишда қайтарилмайди: хизмат Фойдаланувчи профилида унинг амал қилиш муддати давомида сақланиб қолади. Маблағ фақат Фойдаланувчининг 7.2-бандда белгиланган тартибда юборган аризаси асосида, қуйидаги жадвалда кўрсатилган шартларда қайтарилади:
| Хизмат | Фойдаланувчи ариза берганда пул тўлиқ қайтариладиган ҳолатлар | Пул қайтарилмайдиган ҳолатлар |
|---|---|---|
| Ҳужжат шаблони | Тайёр ҳужжат яратилишидан олдин; техник сабаб билан ҳужжат яратилмаса ёки файл очилмаса, ёхуд шаблон хатоси (Фойдаланувчи киритган маълумотларга боғлиқ бўлмаган) сабабли Тайёр ҳужжат нотўғри яратилса ва Ижрочи 3 иш куни ичида муаммони бартараф қилмаса. | Тайёр ҳужжат яратилгандан ва юклаб олиш учун тақдим этилгандан кейин |
| Тариф | Тариф амал қилиш муддати ичида биронта ҳам ҳужжат ишлатилмаган бўлса. Ҳужжатлар қисман ишлатилган бўлса — ҳужжатлар сони чекланган тарифда ишлатилмаган ҳужжатлар сонига мутаносиб, ҳужжатлар сони чекланмаган тарифда эса фойдаланилмаган кунлар сонига мутаносиб қисми. | Тариф муддати тугагандан кейин; ишлатилган ҳужжатларга тўғри келадиган қисм. |
| Савол хизмати | Белгиланган муддатда жавоб берилмаса; 5.3.5-бандга кўра шикоят асосли топилса («Оддий» тарифдаги бепул савол бундан мустасно) | Жавоб муддатида берилгандан кейин |
| Онлайн консультация | Адвокат тасдиқламаса, рад этса ёки уланмаса; Фойдаланувчи бошланишидан камида 24 соат олдин бекор қилса | Фойдаланувчи 24 соатдан кам вақт қолганда бекор қилса — 50 фоиз ушланади; Фойдаланувчи уланмаса (5.4.5-банд), пул қайтарилмайди |
| Видео курс | Тўловдан кейин 3 кун ичида биронта пуллик дарс очилмаган бўлса | Пуллик дарс очилгандан кейин |
| Пуллик мақола | Техник сабаб билан мақола очилмаса | Мақола очилгандан кейин |
| Баланс | Профил ўчирилганда ёки Фойдаланувчи аризаси асосида — ишлатилмаган қолдиқ тўлов қилинган усулда | Telegram Stars орқали тўлдирилган қисм (7.4-банд) |
7.2. Пулни қайтариш учун Фойдаланувчи профилдаги «Шикоят юбориш» шакли орқали ёки legon.murojaat@gmail.com манзилига буюртма рақами ва сабабини кўрсатган ҳолда ариза юборади.
7.3. Ижрочи аризани 5 иш куни ичида кўриб чиқади. Пул тўлов амалга оширилган усулда 10 банк иши куни ичида қайтарилади. Тўлов тизимида маблағ ўтиши учун кетадиган вақт тўлов тизими ва банк қоидаларига боғлиқ.
7.4. Telegram Stars орқали тўланган маблағлар Платформа балансига қайтарилади.
7.5. Ушбу бўлим Фойдаланувчининг Ижрочи хизматни лозим даражада кўрсатмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини чекламайди.
8. ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
8.1. Ижрочи:
а) Платформанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун оқилона чоралар кўради;
б) хизматлар, нархлар ва ўзи тўғрисидаги тўлиқ ва тўғри маълумотни Платформада давлат тилида жойлаштиради;
в) Адвокат профилларини эълон қилишдан олдин лицензия ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни текширади;
г) Фойдаланувчининг шикоятларини ушбу Офертада белгиланган муддатларда кўриб чиқади;
д) шахсга доир маълумотларни қонунчиликка ва Махфийлик сиёсатига мувофиқ ҳимоя қилади.
8.2. Ижрочи ҳақли:
а) техник ишлар учун Платформа ишини олдиндан хабар бериб вақтинча тўхтатишга;
б) Фойдаланувчининг профилини 16.3-банд қоидаларини қўллаган ҳолда блоклашга.
в) Платформа хизматлари таркибини ўзгартиришга, бунда аввал тўланган хизматлар тўлиқ кўрсатилади.
8.3. Фойдаланувчи:
а) хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлайди;
б) тўғри маълумотлар киритади;
в) Платформадан фақат қонуний мақсадларда фойдаланади;
г) Ҳужжат шаблонлари, курслар ва мақолаларни тарқатмайди ва тижорат мақсадида ишлатмайди;
д) Адвокатлар билан мулоқотда одоб қоидаларига риоя қилади;
е) Платформа ишига техник аралашувдан, автоматлаштирилган воситалар билан маълумот йиғишдан тийилади.
8.4. Фойдаланувчи ҳақли:
а) хизматлар ва Ижрочи тўғрисида тўлиқ маълумот олишга;
б) 7-бўлимда белгиланган ҳолатларда пулни қайтариб олишга;
в) Ижрочи ва Адвокат устидан шикоят беришга;
г) ўз шахсга доир маълумотлари билан танишиш, уларни тузатиш ва ўчиришни талаб қилишга.
9. АДВОКАТЛАР БИЛАН МУНОСАБАТЛАР
9.1. Адвокат мустақил касб эгаси бўлиб, Ижрочининг ходими ҳисобланмайди. Ҳуқуқий маслаҳатнинг мазмуни ва сифати учун Адвокат «Адвокатура тўғрисида»ги Қонун ва адвокатлар касб одоби қоидаларига мувофиқ жавоб беради.
9.2. Адвокат Фойдаланувчидан олган маълумотлар бўйича адвокатлик сирини сақлашга мажбур («Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси).
9.3. Ижрочи Адвокатлар профилида уларнинг исм-шарифи, мутахассислиги, тажрибаси, иш ҳудуди, лицензия рақами ва берилган санасини эълон қилади. Профилдаги «Тасдиқланган» белгиси Адвокатнинг лицензияси ва шахси Ижрочи томонидан текширилганини билдиради.
9.4. Фойдаланувчи Адвокат устидан шикоятини Платформадаги «Шикоят юбориш» шакли орқали Ижрочига, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда Адвокатлар палатасига бериши мумкин.
9.5. Адвокат Платформадан ташқарида Фойдаланувчидан Платформа орқали тўланган хизмат учун қўшимча ҳақ талаб қилишга ҳақли эмас.
10. ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК
10.1. Платформа дизайни, дастурий таъминоти, Ҳужжат шаблонлари, курслар, мақолалар, видео материаллар ва бошқа контентга бўлган ҳуқуқлар Ижрочига ёки унинг муаллифларига тегишли.
10.2. Ҳужжат шаблони учун тўлов амалга оширилганда Фойдаланувчига Тайёр ҳужжатдан ўз ишида фойдаланиш учун мутлақ бўлмаган ҳуқуқ берилади. Фойдаланувчи Тайёр ҳужжатни ўзгартириши, судга ва бошқа органларга топшириши мумкин.
10.3. Шаблонни шаблон сифатида (тўлдирилмаган ҳолда ёки бошқа шахслар учун) кўпайтириш, сотиш, бошқа сайт ва каналларда жойлаштириш тақиқланади.
11. ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР
11.1. Офертани акцепт қилиш орқали Фойдаланувчи Ижрочига ўз шахсга доир маълумотларига Махфийлик сиёсатида (legon.uz/uz/privacy) белгиланган мақсадларда, ҳажмда ва муддатларда ишлов беришга розилик беради.
11.2. Ишлов бериладиган маълумотлар таркиби, уларнинг учинчи шахсларга берилиши, сақланиш жойи ва муддатлари ҳамда Фойдаланувчининг ҳуқуқлари Махфийлик сиёсатида белгиланади.
12. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
12.1. Тарафлар ушбу Оферта бўйича мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавоб беради.
12.2. Ижрочи қуйидагилар учун жавоб бермайди:
а) Фойдаланувчи нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот киритиши оқибатида Тайёр ҳужжатдаги хатолар учун;
б) Фойдаланувчи ҳужжатни топшириш муддатини ўтказиб юбориши учун;
в) суд, давлат органи, банк ёки бошқа шахснинг қарори учун;
г) Адвокат томонидан берилган ҳуқуқий маслаҳатнинг мазмуни учун — бунда Адвокат 9.1-бандга мувофиқ жавоб беради;
д) интернет провайдери, тўлов тизими ёки бошқа учинчи шахслар айби билан юзага келган узилишлар учун.
12.3. Ушбу бўлимдаги қоидалар Ижрочининг ўз хизматларини (Платформанинг ишлаши, Тайёр ҳужжатнинг шаблонга мувофиқ яратилиши, тўловларни қайтариш) лозим даражада кўрсатиш бўйича жавобгарлигини чекламайди. Офертанинг истеъмолчи ҳуқуқларини қонунга зид равишда чеклайдиган ҳар қандай шарти қўлланилмайди.
13. ФОРС-МАЖОР
13.1. Тарафлар енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (табиий офатлар, ҳарбий ҳаракатлар, давлат органларининг қарорлари, электр таъминоти ва алоқа тармоқларининг оммавий узилиши ва ҳ.к.) натижасида мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгар бўлмайди.
13.2. Бундай ҳолат юзага келган тараф бу ҳақда иккинчи тарафни имкон қадар тезроқ хабардор қилади. Форс-мажор 60 кундан ортиқ давом этса, Фойдаланувчи кўрсатилмаган хизмат учун тўланган суммани қайтариб олишга ҳақли.
14. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ
14.1. Низолар биринчи навбатда музокаралар орқали ҳал қилинади. Фойдаланувчи шикоятини Платформадаги «Шикоят юбориш» шакли ёки legon.murojaat@gmail.com орқали юборади.
14.2. Ижрочи шикоятни олинган кундан бошлаб 10 кун ичида кўриб чиқади ва Фойдаланувчига ёзма жавоб беради.
14.3. Низо музокара орқали ҳал қилинмаса, у Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган судловга тегишлилик бўйича судда кўриб чиқилади. Ушбу банд Фойдаланувчининг истеъмолчи сифатида қонунда белгиланган судни танлаш ҳуқуқини чекламайди.
15. ОФЕРТАНИ ЎЗГАРТИРИШ
15.1. Ижрочи Офертага ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Офертанинг янги таҳрири legon.uz/uz/terms саҳифасида эълон қилинади ва эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Фойдаланувчининг ҳуқуқларини чеклайдиган ёки нархларни оширадиган ўзгартиришлар эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач кучга киради.
15.2. Ижрочи муҳим ўзгаришлар ҳақида Фойдаланувчиларни профил, электрон почта ёки Telegram орқали хабардор қилади.
15.3. Оферта ўзгартирилишидан олдин тўланган хизматлар тўлов пайтида амалда бўлган шартларда кўрсатилади.
15.4. Янги таҳрирга рози бўлмаган Фойдаланувчи Платформадан фойдаланишни тўхтатиши ва профилини ўчириши мумкин. Бунда фойдаланилмаган тариф қолдиғи 7-бўлимга мувофиқ қайтарилади.
16. ШАРТНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ ВА БЕКОР ҚИЛИНИШИ
16.1. Шартнома акцепт пайтидан кучга киради ва номуайян муддатга тузилади.
16.2. Фойдаланувчи шартномани истаган вақтда профилини ўчириш орқали бекор қилиши мумкин.
16.3. Ижрочи Фойдаланувчи Офертани жиддий бузганда, у ҳақда хабардор қилиб, шартномани бир томонлама бекор қилиши мумкин. Бунда кўрсатилмаган хизматлар учун тўланган маблағ қайтарилади, Фойдаланувчининг ноқонуний ҳаракатлари натижасида Ижрочига етказилган зарар бундан мустасно.
17. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
17.1. Оферта ўзбек (лотин ва кирилл ёзувида), рус ва инглиз тилларида эълон қилинади. Матнлар ўртасида фарқ бўлса, ўзбек тилидаги матн устун ҳисобланади.
17.2. Офертанинг бирор қоидаси ҳақиқий эмас деб топилса, бу унинг бошқа қоидаларининг ҳақиқийлигига таъсир қилмайди.
17.3. Офертада назарда тутилмаган масалалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.
18. ИЖРОЧИНИНГ РЕКВИЗИТЛАРИ
| Реквизит | Маълумот |
|---|---|
| Тўлиқ номи | «Greatsoft - Software Development Company» МЧЖ |
| СТИР | 307148197 |
| Юридик манзили | Toshkent shahri, Mirzo Ulug'bek tumani FERUZA 1-MAVZE, TAKSOPARK-4 |
| Телефон | +998 87 708 18 18 |
| Электрон почта | legon.murojaat@gmail.com |
| Telegram | @legon_murojaat |
| Иш вақти | Душанба–Жума, 09:00–18:00 |